Жорий йилнинг 18 июль куни Адлия
вазирлиги томонидан Ўзбекистон Ногиронлар жамияти, Олий Мажлис ҳузуридаги
Фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди, Мираброр
Усмонов номидаги халқаро хайрия жамоат фонди, “Она” жамоат фонди ҳамда “IT
таълим” уюшмаси билан ҳамкорликда 7 ёшдан 17 ёшгача бўлган ногиронлиги бўлган
болалар учун “Биз биргамиз!” ижтимоий лойиҳаси доирасида расм чизиш танлови ва
шахмат мусобақаси ўтказилади.
Лойиҳа доирасидаги тадбирлар ўсиб
келаётган авлоднинг ижодий ва интеллектуал салоҳиятини ривожлантириш,
шунингдек, ногиронлиги бўлган болаларнинг жамият эътибори ва
қўллаб-қувватловини ҳис этишлари учун қулай муҳит яратишга қаратилган. Танлов
ва мусобақалар иштирокчиларнинг ўз кучига бўлган ишончини мустаҳкамлаш,
келажакка ишонч билан қарашларига хизмат қилади.
Танлов
доирасида ногиронлиги бўлган болалар томонидан яратилган ижодий ишлар
кўргазмаси ҳам ташкил этилади.
Мазкур
танлов ва мусобақада Ўзбекистон Республикасининг 14 та ҳудудидан жами 28 нафар
иқтидорли ёш иштирок этади. Улардан 14 нафари расм чизиш, 14 нафари эса
спортнинг шахмат тури бўйича ўзаро беллашади.
Мазкур
лойиҳа болаларнинг ижодий ва интеллектуал салоҳиятини намоён этиш билан бирга,
жамиятда инклюзивлик, тенг имкониятлар ва ўзаро ҳурмат муҳитини мустаҳкамлашга
хизмат қилади.
