Ногиронлиги бўлган болалар учун бепул тиббий кўрик ва маслаҳатлар

Мираброр Усманов номидаги халқаро хайрия жамоат фонди, Ўзбекистон Республикаси Ногиронлар жамияти Тошкент шаҳар бўлими ҳамда «EZGU NIYAT» кўп тармоқли тиббиёт маркази ҳамкорлигида аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари учун муҳим ижтимоий лойиҳа амалга оширилмоқда. 
Лойиҳа доирасида ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларнинг ногиронлиги бўлган фарзандларига бепул тиббий хизматлар, жумладан:
       Малакали шифокорлар маслаҳати,
       Лаборатор текширувлар,
       Замонавий диагностик текширувлар бепул тақдим этилмоқда.
Мираброр Усманов номидаги халқаро хайрия жамоат фонди хомийлигида, мазкур ташаббус доирасида махсус сертификат тайёрланиб, Ўзбекистон Республикаси Ногиронлар жамияти Тошкент шаҳар бўлимига топширилди.
Ушбу сертификатга мувофиқ, Тошкент шаҳар туманларида яшовчи, жамиятга аъзо бўлган ногиронлиги бўлган болаларга «EZGU NIYAT» тиббиёт марказида сифатли тиббий хизматлар бепул кўрсатилмоқда.
 Фонд ушбу лойиҳа орқали тиббий кўмакка муҳтож болаларнинг соғлиғини яхшилаш, ҳаёт сифатини ошириш ва ота-оналарни қўллаб-қувватлашни мақсад қилган.
Бу каби хайрли ташаббуслар орқали биз жамиятда эзгулик, инсонпарварлик ва бағрикенгликни янада мустаҳкамлашга интилмоқдамиз.
Биз болаларга бахтли табассум улашишда давом этамиз.